Юзта оила янги уйга эга бўлди

Биринчи Президент куни муносабати билан Қизил Ўрдада  юзта оила янги уй-жойга эга бўлди. Байрам арафасида вилоят ҳокими Гулшара Абдиқалиқова янги хонадонлар калитини ўз эгаларига топширди. Бахтли уй соҳиблари орасида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари вакиллари, ҳарбийлар, ўқитувчи,  тиббиёт ва маданият ходимлари бор. Бибигул Садиқова - Қизилжарма қишлоқ мактаби ўқитувчиси. Икки йил давомида «Жилстройсбербанк»даги ҳисобида пул йиғди. Бугун унинг азалий орзуси ушалди.

Бибигул Садиқова, янги уй соҳибаси:

- Уч хонали хонадон. Биринчи қаватда, иссиқ, кенг ва шинам. Таъмири кўнгилдагидек. Ўйлайманки, ёш оилалар ижарага уй олгандан кўра, дастлабки тўловини ўтказиб, янги уй олгани тўғрироқ бўлади.

Жорий йилда бир минг икки юз нафар Қизил ўрдаликлар - «Жилстройсбербанк» омонатчилари ўз орзусидаги уйга эга бўлди. Мазкур уч қаватли уйда юз оила янги бошпанали бўлди. Уй видеокамера, домофон билан жиҳозланган, ҳовлида ўйин майдончаси ҳам бор. Янги миттитуман ёнгинасидан олий ўқув юрти, мактаб, болалар боғчаси, музей ва Ёшлар маркази жой олган.

Адилжан Саулебаев, «ЖИЛСТРОЙСБЕРБАНК» қизил ўрда вилоят филиали директори:

- Чап соҳилда яна бир нечта уй фойдаланишга топширилади. Маҳаллий қурувчилар кўмагида тез орада Шанирақ «5-10-20» дастурига кўра янги уй барпо этилади. Бу - қиймати 12 миллион тенгедан ошмайдиган хонадонлар.

Янги хонадонлар билан қутлаш чоғида вилоят ҳокими барчани мамнун қилди, йил охирига қадар Қизил Ўрдада яна 720 та уй-жой фойдаланишга топширилади. Дарвоқе, сўнгги йилларда вилоят марказида уй-жой қурилиши жонланди. 9 мингга яқин Қизил ўрдалик оила янги бошпанали бўлди.
 
 
 
Фото: kn.kz
 

×