Елеке Сази водийсида эрамиздан аввалги V-IV асрларга оид 850 та олтин буюм топилди

Елеке Сази водийсида эрамиздан аввалги V-IV асрларга оид 850 та олтин буюм топилди

Бир гуруҳ олимлар Шарқий Қозоғистон вилоятининг Тарбағатай туманидаги Елеке Сази қабристонида қимматли осори атиқалар топишди. Археологлар тахминига кўра, артефактлар от абзаллари фрагментлари бўлган. Дафина ўрта сак даврига оид –  эрамиздан аввалги V-IV асрларга оид.

«Хазина қўрғон яқинидан топилди. Кўп йиллар давомида бу жойлар муқаддас ҳисобланган. Одамлар қабр қошига келиб, аждодлар руҳига қурбонлик қилган. Сак-скифлар ва кейинги давр туркийларда  шундай одат бўлган. Шунинг учун ҳам биз бу ерга ҳукмдор дафн этилган, деб ҳисоблаймиз», дейди археолог, профессор Абдеш Тўлеубаев.

Археологик ишларни ал-Форобий номли Қозоқ миллий университети олимлари олиб борди. Артефактлар сак-скиф жамияти жуда бой ва камбағал тоифаларга бўлинганини кўрсатади. Шу кунгача учрамаган ноёб топилма  – мушуксимон ҳайвон шаклидаги шокилалар археологлар эътиборини тортди.  Шунингдек, қўш шокилали, учларига қимматбаҳо  тошлар ўрнатилган қўшалоқ симлар ҳам олимларни қизиқтириб қўйди.

«Қадимий усталар бир-биридан нусха кўчирмаган. Ҳар бирининг ўз дастхати бор. Топилган буюмлар жуда нафис. От абзалларидан кўп қисми юпқа фольгадан ясалган. Баъзилари қалин олтин япроқчалардан. От учун бу қадар қимматбаҳо абзаллар ишланганини шу вақтгача кўрмаганман», дейди олим.

Бундан ташқари, қазув ишларига раҳбарлик қилаётган Абдеш Тўлеубаев таъкидлашича, қўрғондан 50 метр масофада бронза ва олтиндан турли буюмлар қуйиш учун мўлжалланган устахона топилган. Уларнинг айтишича, ҳали катта ишлар олдинда, археологлар тез кунларда яна 4 та кичик қўрғонларни ўрганмоқчи.

 

Фото: inform.kz


×