Масофавий таълим туфайли Қозоғистонда ўқув қуролларига талаб камайди

Масофавий таълим туфайли Қозоғистонда ўқув қуролларига талаб камайди

Август ойининг сўнгги ҳафтаси қозоғистонлик мактаб ўқувчиларининг ота-оналари учун анъанавий равишда  «харид даври»  бўлади. Аммо бу йил улар канцелярия  дўконларига бориш ва ўқув йили учун керакли буюмларни сотиб олишга шошилмаяпти. Юртдошларимиз фикрича,1 сентябрга тайёргарлик ўртачадан паст даражада ўтмоқда.  Эпидемиологик вазият ва масофавий таълим кенгайиши туфайли кўплаб харидларга умуман ҳожат йўқ. 

«Мен кўп болали онаман.  Иккита фарзандим – мактаб ёшида. Уларнинг биттаси талаба бўлди. Онлайн ўқитиш туфайли ўқув қуролларини сотиб олишга шошилмаяпмиз. Аслида ҳар йили сотиб олардик. Ҳозирча фақат дафтар ва ручка тайёр. Асосийси, бизда онлайн ўқиш учун Wi-Fi ва ноутбук мавжуд.  Мен ўқитувчига иккала фарзандим ҳам дарсда қатнаша олиши учун яна битта компьютер кераклигини маълум қилдим. Шунда синф раҳбари анкета тўлдирди ва мактаб маъмурияти бизни компьютер билан таъминлади»,  дейди кўп болали она Гулжанар Бахит қизи.

Дафтар, қалам-ручка ва гаджетлар – булар бугунги мактаб  ўқувчисининг асосий қуроллари. Тўғри, анъанавий харид қилинадиган буюмлар сафига шахсий ҳимоя воситалари қўшилди: ниқоблар ва антисептиклар. Ота-оналар уларни ҳар эҳтимолга қарши, мактаб ўқувчиларни ўз бағрига чақирган тақдирда керак бўлади, деб сотиб олишмоқда. 

«Биз ҳамма нарсани олиб бўлдик. Дарслар онлайн тарзда ўтилади, шунинг учун рюкзак сотиб олиш ва мактаб формасини янгилаш шарт эмас. Ўқув қуроллари билан таъминландик. Ҳар йили Нур-Султонда мактабга керакли маҳсулотлар сотиладиган ярмаркалар очилади. Нархлар кўтарилмаган, шуни таъкидлаш жоизки, баъзи бир буюмлар ўқув йили арафасида арзонлашган.  Ўғлимга ниқоб ва санитария воситаларини сотиб олдим, уларсиз мактабга юбормайман», дейди 14 ёшли Жандўснинг онаси  Жанна Қурманғалиева.

Кутилганидек, мактаб молларига талаб сезиларли даражада камайган. Бу ҳақда ўқув қуроллари сотиладиган дўконлар эгалари ҳам фикр билдирди. Тадбиркор Анна Мутовкина айтишича, харидорлар сони ўтган йилга нисбатан камида икки баравар камайган. Қозоғистонликлар  ўқув қуролларини арзонроқ нархда сотиб олишга ҳаракат қилишмоқда.

 «Офис қоғозларидан ташқари товарлар нархи аввалги даражада сақланиб қолди. Масофавий таълим туфайли талаб умуман камайиб кетди.  Харидорлар бор, лекин асосан улар товарларни арзонроқ сотиб олишга ҳаракат қилади.  Яъни энг арзон маҳсулотни танлашади. Асосан энг зарур товарлар – қаламлар, оддий дафтарларни сотиб олишади», дейди тадбиркор.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги эпидемиологик вазият мавжудлиги туфайли ўқув йили масофавий тарзда бошланади. Ота-оналар илтимосига биноан мактабларда 1-4 синф ўқувчилари учун навбатчи синфлар ташкил этилади.

 

Фото: e-pepper.ru


×