Мактаб, шифобахш гиёҳли ванна, ошхона: Қадимий Туркистон аҳолиси яшаш тарзи қандай бўлган?

Мактаб, шифобахш гиёҳли ванна, ошхона: Қадимий Туркистон аҳолиси яшаш тарзи қандай бўлган?

Қозоғистонлик археологлар қадимий Туркистон шаҳри ҳудудида гуллаб-яшнаган, ривожланган цивилизация мавжуд бўлгани ҳақида гувоҳлик берувчи шов-шувли топилмага дуч келишди.

Қазиш ишлари машҳур Култўбе шаҳарчасида, Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси жанубида олиб борилган ва у ерда карвонсарой, шарқона ҳаммом, кулолчилик устахонаси ҳамда XVIII-XIX асрларга оид таълим муассасаси топилган. Олимларнинг айтишича, топилган атиқалар дунё ҳамжамиятида қизиқиш уйғотиши мумкин. «Ҳазрат Султон» давлат тарихий-маданий қўриқхонаси-музейи ходимларининг сўзига кўра, ҳужжатлар ва қимматбаҳо буюмлар омборлари «Тақия» дарвозаси ёнида жойлашган карвонсарой атрофидан ҳам топилган.

Бундан ташқари дам олиш хоналари, ҳовли, намозхона ва  «мўрча» деб номланган бир хонали ҳаммом хам мавжуд бўлган. Мутахассислар таҳмин қилишича, бундай карвонсаройлар қадимий шаҳарнинг барча тўртта дарвозаси яқинида жойлашган.

«Бу ерда 1843-1849 йилларда Қўқон хонлиги даврида  қурилган «Тақия»  дарвозаси бўлган.   Дарвозага яқин жойда карвонсарой қурилганди. Қадимги Туркистоннинг тўртта дарвозаси ёнида шундай иншоотлар мавжуд эди.  Уларнинг ҳар бирида кичик ҳаммомлари бўлган. Топилган объектга «Тақия Карвонсаройи» деб ном берилди. Бу ерда қабулхонага ўтиладиган эшик бўлган. Рўпарада, карвонсарой бошлиғи идораси бор эди. Ҳовлида карвонлар тўхтаган. Ғарбий қисми томонида товарлар сақланадиган омборхоналар қурилган. Биринчи қаватида хўжалик объектлари мавжуд бўлса, иккинчи қават дам олувчилар учун мўлжалланган бўлиб, «Болохона» дея номланган. Умумий майдони 35-40 метрни ташкил этадиган ушбу қурилиш бу йилги асосий топилмаларнинг бири ҳисобланади», дея таъкидлади тарих фанлари номзоди, «Ҳазрат Султон» давлат тарихий-маданий қўриқхона-музейи тадқиқотчиси, археолог Марат Туяқбоев.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, «Тақия» дарвозаси  ёнида топилган мактаб, олимнинг сўзларига кўра, тарихий аҳамиятга эга, чунки у Туркистон ҳудудида топилган илк ўқув муассаси.

«Дастлаб биз уни мадраса деб ўйладик. Пухта ўрганиш натижасида, икки қисмга бўлинган мактабни топдик. Биринчи қисмида ўғил болалар, иккинчи қисмида эса қиз болалар ўқиган. Ушбу мактабда ўқувчилар ўқиш ва ёзишни ўрганишган, уни битирганлар мадрасага ўқишга кирган. Узунлиги 40 метрдан ошади, кенглиги 25 метр, тенг қисмларга бўлинган. Мактаб битирувчилари  таълимни «Ғалия» мадрассасида ёки Бухородаги диний таълим муассасаларида давом эттиришлари мумкин эди. Бундай мактаб биринчи марта Туркистон ҳудудида топилди»,  деди Марат Туяқбоев.

Археологлар томонидан топилган 8 печли устахона қадимги Қозоғистон ҳудудида кулолчилик санъати муваффақиятли ривожланганига далил бўла олади. Бу ерда нафақат рўзғор буюмлари, балки куйдирилган ғиштлар ҳам ишлаб чиқарилганлиги археологлар учун янги кашфиёт бўлди.

Қадимий Шаҳристон ҳудудида топилган кичкина шарқона ҳаммом эса, тахминларга кўра, бир неча хоналардан иборат эди. Уларда, хусусан, ҳаммом ишчилари яшаган. Ажабланарлиси шундаки, сув сақлаш жойлари, шунингдек шифобахш гиёҳли ўсимликлари бор ванна шаклидаги идишлар бугунги кунгача сақланиб қолган.

Бундан ташқари, олимлар Яссавий мақбарасидан  «Етти Ота» дарвозасигача бўлган ҳудудда тадқиқот ишларини олиб боришди. Улар фикрича, қадимий бинолар эшиклари асосий йўлга олиб чиққан, бу эса бинолар ижтимоий вазифасини кўрсатади. Олимлар фикрича, бу ерда нафақат дўконлар, ошхоналар, балки бошқа жамоат жойлари ҳам бўлган.

 

Фото: azretsultan.kz


×