Қозоғистон каскадёрлари жаҳон киносаноатини забт этмоқда

Қозоғистон каскадёрлари жаҳон киносаноатини забт этмоқда

Голливуддаги ҳар бир кинематографист уларни танийди, Европа ва Болливуд режиссёрлари улардан маслаҳат ва ёрдам олади.  Мураккаб, бир қарашда амалга ошириш имконсиз бўлган экшн-номерлар ишлаб чиқишади ва кадрда осонгина ижро этишни уддалашади. «Nomad Stunts» каскадёрлари йигирма йилдан буён ўз ишига профессионал ёндашмоқда. Отлиқ усуллар, қиличбозлик, олов билан ўйнаш, юқоридан сакраш – улар кўп нарсаларни билишади. Шунинг учун ҳам халқаро гуруҳ дунёга таниқли режиссёрларнинг 60 дан ортиқ фильмларида иштирок этишди. «Тўмарис» тарихий драмасидаги меҳнати учун эса жамоа раҳбари жаҳон каскадёрлар академияси «Таурус» мукофотига тавсия қилинди. Шуни ҳам айтиш керакки, Жайдарбек Кунгужинов ишини иккинчи марта шу даражада тақдирлашмоқда: 2017 йилда Россиянинг «Викинг» картинасидаги профессионал меҳнати учун «Оскар» каскадёрлар шорт-листига киритилган.

«Гуруҳимиз каскадёрлари ҳар соҳада моҳир. Айнан шунинг учун ҳам хорижий продакшн-студиялар тез-тез таклифлар билан чиқишади. Биз кўплаб турли трюклар бажара оламиз. Гап шундаки, ғарбда иш тақсимоти жуда аниқ. Масалан, отлиқ каскадёрдан дарахтга осилиб олишни талаб қилолмайсиз. Райдер эса арғумоқдан йиқилишга умуман кўнмайди. Биз эса бир қанча йўналишларда бир хилда профессионал ишлаймиз, бунинг учун тажрибамиз ва тайёргарлигимиз етарли», деди «Nomad Stunts» халқаро гуруҳи менежери Евгения Ли.

Экшн-мутахассислар АҚШ, Туркия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар етакчи киностудиялари билан ҳамкорликда «47 ронин», «Тутқич бермаслар - 2», «Уйга қайтиш», «Марко Поло» ва бошқа фильмларда ишлади. Шунингдек, Netflix ва HBO стриминг сервислари учун олинаётган сериалларда қатнашмоқда.

«Биз барча майдончаларда ҳам имкон қадар мукаммал ишлашга интиламиз. Албатта, ҳамма ерда ўзига хосликлар бор. Голливудда каскадёрлардан трюкларни тайёрлаш ва машқ қилиш учун кўп вақт берилади. Жанг саҳналарини репетициялари бир неча ой давом этиши мумкин. Суратга олиш ишлари бир қанча ҳафтага чўзилади. Ҳиндистонда, Болливудда эса баъзан ҳамма нарса сўнгги сонияда, суратга олиш майдончасида ўзгариб кетади. Бу эса экшен сифатига таъсир қилади, шунинг учун сўнгги вақтларда режиссёрлар бу амалиётдан воз кеча бошлади», деди Евгения Ли.

Жамоанинг режалари кўп. Аммо жорий йилда пандемии туфайли сабр қилишга тўғри келяпти. 

«Чехияда Netflix стриминг сервиси учун сериалда қатнашиш режалаштирилганди, Болгарияда катта лойиҳа, Ҳиндистонда тарихий картина суратга олиниши кутилаётганди. Жайдарбек Кунгужинов ҳинд лойиҳаси экшен-директори бўлиши лозим эди. Афсуски, пандемия туфайли лойиҳалар вақтинча кечиктирилди, вазият барқарорлашгач, барча музокаралар қайта бошланишига умид қиламиз», деди Евгения Ли.

20 август куни Disney студияси «Мулан» фильмини жаҳон прокатига чиқаради. Ундаги кўплаб саҳналарда юртдошларимиз қатнашади, «Nomad Stunts» раҳбари Жайдарбек Кунгужинов эса кўп сонли «бўрилар» сардори ролини ўйнайди.


×