Қозоғистоннинг қатор минтақаларида карантин чоралари кучайтирилди

Қозоғистоннинг қатор минтақаларида карантин чоралари кучайтирилди

Касаллик тарқалиши олдини олиш мақсадида Нур-Султон шаҳрида кинотеатр очилиши кечиктирилди. Шунингдек, савдо-истироҳат марказларида ҳам болалар ўйин марказлари ҳозирча ишга туширилмайди. Боғчаларда бир гуруҳда 15 тагача бола бўлган навбатчи гуруҳларгина ишлашда давом этади. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда болалар боғчаларида участка педиатридан далолатнома талаб қилинади. Тарбияловчилар ҳар куни тонгда ота-оналар иштирокида ва тиббий хизматчи назорати остида ҳарорат ўлчаши зарур. 

«Хавфли инфекция ёш ва соғлом одамлар учун ҳам хавфли. Ҳар жиҳадан эҳтиёт бўлиш керак. Коронавирус бир қанча кун ичида ўлимга олиб келиши мумкин. Ўзингизни нохуш ҳис этсангиз – дарҳол шифокорларга мурожаат этинг», деб таъкидлади шаҳар жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Сауле Қисиқова.

Айни вақтда, қатор минтақаларда хасталаниш статистикаси ҳаддан ташқари юқори. Шу боис карантин чоралари қатъийлашмоқда.

Ақмўла вилояти бош санитария врачи қарорига кўра, 15 июндан Кўкшетау атрофидаги 7 та блокпост қайта ишга туширилди. Бу ерда озиқ-овқат, турмуш кимёси, ноозиқ-овқат савдо объектлари, спорт иншоотлари, умумий овқатланиш жойлари, диний муассасалар иши чекланади.

«14 июнгача минтақада 199 одам коронавирус инфекцияси юқтирган. Тўрт одам вафот этди. Вазият мураккаб. Кузатув гуруҳлари аҳоли ўз саломатлигига эътибор бермаётганини кўрсатмоқда. Оммавий оилавий тадбилар – туғилган кунлар, тўйлар, таъзиялар ўтказилаяпти. Қатор корхоналарда санитария қоидаларига риоя этилмаяпти. Барча ҳолатларда маъмурий таъсир чоралари кўриляпти», дейилади билдирилган баёнотда.

Чеклаш чоралари Ғарбий Қозоғистонда ҳам кузатиляпти. Вилоят бош санитар врачи қарорига кўра, 15 июндан кўпчилик тўпланадиган зиёфат, тўй, юбилей, оилавий, хотира, урф-одата боғлиқ тадбирлар ўтказиш тақиқланди. Мактабгача муассасаларда фақат навбатчи гуруҳлар ишлаяпти. Шунингдек, шаҳар истироҳат боғи, истироҳат жойлари, кинотеатрлар, ҳовлилардагидан ташқари барча ўйингоҳлар, тунги клублар, букмекер идоралари, диний муассасалар ва бошқалар иши тўхтатилади.

13 июндан Қарағанди, 14 июндан Жамбил вилоятида ҳам карантин кучайтирилди. Шанбадан бошлаб Шимолий Қозоғистон вилоятида ҳам қатор объектлар ҳамда жамоат транспорти иши тўхтатилди.

Карантин тадбирлари юмшатилиши аҳоли ичида интизомни сусайтириб юборди. Кўпчилик ниқоб тақмай қўйди. Хавфсизлик қоидаларига риоя этмаяпти. Тақиққа қарамай, кўпчилик тўпланган оилавий тадбирлар ўтказиляпти. Шифокорлар айтишича, эпидемиологик тадқиқотлар ҳам шуни тасдиқлаяпти.

 

Фото: astana.gov.kz


×