Туркия Қозоғистонга 10 минг дона китоб тақдим этди

Туркия «Китоб – энг мустаҳкам робита» лойиҳаси доирасида Қозоғистонга 10 минг дона китоб совға қилди. Шундан 5 мингтаси Нур-Султондаги Миллий кутубхонага топширилди. Лойиҳа Туркиянинг илмий-адабий асарлар муаллифларининг «ИЛЕСАМ» ташкилоти томонидан рўёбга чиқарилди.

Ташкилот вакиллари айтишича, бу китобларда тарих, адабиёт, психология, социология каби соҳалар қамраб олинган. Шунингдек, турли энциклопедия ва луғатлар киритилган. Эслатамиз, бу ўзига хос лойиҳани Туркия томони ўтган йили бошлаб берган.

Ўшанда 15 мингта китоб Озарбайжонга совға қилинган. Жорий йил Қозоғистондан ташқари Қирғизистонга ҳам 10 минг китоб тақдим этилади. Келгуси йил эса акция Ўзбекистон ва Болқон давлатларини қамраб олиши кутиляпти.

МЕҲМЕТ НУРИ ПАРМАКСИЗ, «ИЛЕСАМ» ТАШКИЛОТИ РАҲБАРИ:

- Нур-Султонга тақдим этилган 5 минг китобдан ташқари, Алмати таълим даргоҳлари ва кутубхоналарига яна 5 минг китоб тарқатилади. Турк оламининг тарих, маданият, адабиёт, технологиялар соҳасидаги таниқли олим ва арбоблари бир-бирини билиши, асарлари билан танишишини истаймиз. Уларни мустаҳкам боғловчи ришталар сифатида эса китобларни – билим ва ақл манбаини тақдим этамиз.

Фото: 2ГИС


×