«Барча қадриятлар – ядро қуролидан холи дунё учун»

«Барча қадриятлар – ядро қуролидан холи дунё учун». Қозоғистон пойтахтида МДҲ мамлакатларида илк бор шу мавзудаги халқаро кўчма кўргазма очилди. Дунёнинг 20 давлати вакиллари жамлаган экспозиция хавфли қуроллардан бутунлай воз кечиш инсоният тақдирида қанчалик муҳимлигини БМТ маълумотлари ёрдамида баён қилган. Элбошининг Семей полигонини ёпиш тўғрисидаги муҳим қарорининг ўттиз йиллиги ва Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд деб эълон қилиш хусусидаги шартноманинг ўн йиллигига бағишланган тадбир япон мутахассислари томонидан ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Бу давлат Қозоғистоннинг ядро қуролига қарши курашда яқин ҳамкори. Чунки мазкур икки давлат тақдири бир хил, улар вайронагарчилик келтирувчи машъум қуролдан жабрланган. Кўргазмани 13 октябргача томоша қилиш мумкин.

КУЛАЙША АҚТАЕВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ – ЭЛБОШИ КУТУБХОНАСИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Яқиндагина Токио шаҳрида «Ядро қуролидан холи дунё сари» деб аталган улкан кўргазма ва халқаро конференцияда иштирок этгандик. Эндиликда япон ҳамкорларимиз ядровий қуролсизланиш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлардан дарак берувчи кўплаб маълумотлар жамланган кўргазмани қозоғистонликлар эътиборига ҳавола қилди.

ХИРОЦУГУ ТЕРАСАКИ, «SOKA GAKKAI INTERNATIONAL» ТАШКИЛОТИ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИ:

- Ядро қуроли нималигини кўпчилик билса-да, унинг қанчалик таҳликали эканлигини ҳамма ҳам англаб етавермайди. Жаҳонга таҳдид солувчи муаммо бўлгани ҳолда кўпчилик тегишлича эътибор бермайди. Бизнинг асосий мақсадимиз – кўргазма воситасида хавфли қуролнинг инсоният учун таҳликасини жамоатчиликка етказиш. Қозоғистоннинг ядро қуролига қарши ташаббуслари кўпчиликка маълум, бошқаларга намуна. Бизнинг давлат ҳам оммавий қирғинга олиб келиши мумкин бўлган қурол тарқалишининг олдини олишга қаратилган жаҳон ҳаракати пешқадамлари қаторида келаётгани сир эмас.

Фото: presidentlibrary.kz


×