Абай номли театрда «Корсар» балетининг янги версияси тақдим этилди

Мусиқа классикаси дурдонаси – «Корсар»нинг янги версияси. Абай номли Қозоқ Давлат академик опера ва балет театри Адольф Адан асари  премьерасини ўтказди. Қароқчилар ҳаётидан ҳикоя қилувчи спектакль сценографиясини италиялик рассом Вильям Орланди тайёрлади. Унинг таклифига кўра декорациялар воқеалар ривожи давомида ҳаракатга келади. Бу эса спектаклда янгича саҳна кенглиги ва динамикасини ҳис этишга имкон беради. Янги кўринишдаги «Корсар» балетининг яна бир жиҳати -  постановкага қўшимча сифатида ишлатилган видеопроекциялар. Хореография ўзининг серҳаракатлиги билан томошабинни мамнун этиши аниқ.

Гулжан Тутқибаева, постановкачи хореограф, қозоғистон республикаси халқ артисти:

- Аввалги версияда бўлмаган қатор фрагментлар мавжуд. Коданинг гавжум боғда пайдо бўлиши, рақс мизансценалари шулар қаторида. Спектакль драматургияси ҳам ўзгача тузилган. Бизда асосий қаҳрамонлардан бири – Ланкедемнинг қамаб қўйилиши саҳнаси бор. Бош персонаж Одажиоси, кичик Одажио, уни биз ғордаги учрашув, деб атаймиз. Мусиқий материални ҳам ўзимиз яратдик. Менинг ҳисобимга кўра, спектакль анча серҳаракат бўлди. Унга кўпроқ рақс мизансценалари киритилди. Томошабин зерикиб қолмаслиги учун ҳаракатлар узлуксиз давом этишини истадик.

160 йилдан буён жаҳон саҳналарида машҳур бўлган «Корсар»нинг янги версиясини саҳналаштириш театр балет труппаси яккахонлари учун байрамга айланди. Чунки янги талқинда ҳамма нарса янгидан яратилган, мусиқадан тортиб, Россия халқ рассоми  Вячеслав Окунев тайёрлаган либосларгача. Ўз роли ҳақида яккахон Рахим Даиров илҳом билан ҳикоя қилади.

Рахим Даиров, етакчи яккахон:

- Бу роль жуда қизиқарли, мазмундор. Қароқчиларнинг эркин, бир мунча ёввойилигини ҳисобга олганда ҳам. Мен Конрад партиясини ижро этаман. У бир оз романтик, драматик. Чунки етакчи сифатида қароқчиларни ўз атрофига жамлаши зарур. Ушбу спектаклда унинг севгилиси Мидора пайдо бўлади. Мазкур партияда романтик сифатида чиқиш зарур. Қизиқарли ва кўпқиррали роль.

Таъкидлаш жоизки, «Корсар» асари жаҳон балетининг олтин жамғармасига киритилган. У шу номдаги Байрон поэмаси либреттосига асосланган.

 

Фото: kt.kz


×