Қозоғистоннинг «Тўмарис» фильми америкалик кинематографистлар томонидан юқори баҳоланди

Қозоғистоннинг «Тўмарис» фильми америкалик кинематографистлар томонидан юқори баҳоланди

Ақан Сатаев режиссёрлигида суратга олинган «Тўмарис» тарихий драмаси АҚШда кенг прокатга чиқарилди. Бу фильм хорижлик кинематографистлар томонидан юқори баҳоланди. Шуни ҳам айтиш керакки,  мазкур картинани Америкада намойиш этиш ҳуқуқини маҳаллий компаниялардан бири сотиб олганди. Фильм ҳақида таниқли оммавий ахборот воситалари маълумот тарқатди. Соҳанинг бир қанча нашрлари – Variety, Hollywood Reporter ва Screen Daily қозоғистонликлар яратган кинокартина хусусида ижобий фикрларини чоп этди.

«Мазкур эпик фильм ажойиб манзаралари ва юқори сифати билан томошабинни ром этиши шубҳасиз», деб ёзишди эътиборли Variety да.

Тарихий картинани тарқатиш ҳуқуқини сотиб олган компания президенти ва бош директори Дорис Пфардрешер Hollywood Reporter мухбирига таассуротларини ҳикоя қилиб берди.

«Фильмда кўрсатилган ғаройиб воқеалар бизни ҳайратлантирди. Бу амазонкалар қироличаси тўғрисидаги янги, сирли ҳикоя томошабин учун жуда қизиқарли, биринчи дақиқадан эътиборингизни қамраб олади», деб таъкидлади Дорис Пфардрешер.

Фильмни америкалик кинотанқидчилари томоша қилишди. Улар картина мазмуни ва ундаги бадииятни юқори баҳолашди.

«Қозоғистон Америка кинопродюсери, Лос-Анджелесдаги Қозоғистон фахрий консуллиги раҳбари Гиа Нуртас бизни ушбу махсус лойиҳа билан таништирди, унинг юксак имкониятларини намойиш этди», дейишди экспертлар.

«Тўмарис» фильми Ақан Сатаев томонидан Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги топшириғига кўра «Қозоқфильм» киностудиясида суратга олинган. Постановка Геродот томонидан ҳикоя қилинган дашт маликаси – афсонавий Тўмариснинг форс подшоси Кирга қаршилиги ва уни мағлуб этиши афсонасига асосланган. Бош ролларни Еркебулан Даиров, Азамат Сатибалди, Берик Айтжанов, Альмира Турсин, Адиль Ахметов, Гасан Масуд ва бошқалар ижро этган.

 

Фото: 24.kz


×