Қозоғистон: Санъат ва маданият соҳасида 2019 йилнинг энг ёрқин воқеалари

Ёрқин концерт дастурлари, бой гастроллар, янги постановкалар ва театр экскурсиялари. 2019 йил маданий воқеаларга жуда бой бўлди. Масалан, мамлакатимиз бош опера майдончаси томошабинларга Жоаккино Россинининг «Ипак зинапоя»си,  Жакомо  Пуччинининг «Богема»си, Чайковскийнинг «Евгений Онегин»и, Жузеппе  Вердининг «Дон Карлос»и, Адольф Аданнинг «Жизел»и ва Лео Делибнинг «Коппелия»си каби спектакллар тақдим этди.

Театр яккахонлари хорижда ҳам ўз санъатини муваффақиятли намойиш этди. Жорий йилда улар Италия, Испания, Литва, Россия ва Ўзбекистонда гастрол сафарларида бўлди. Ўтган 12 ойлик давр пойтахтнинг «Астана Балет» театри учун жуда сермаҳсул келди.  Жорий йилда унда 4 та янги постановка ва 12 та хореографик номер намойиш қилинди. Театр репертуари хорижий давлатлардаги балет санъати мухлислари кўнглини чоғ этди.

АЛЕКСАНДР СОВОСТЬЯНОВ, «АСТАНА БАЛЕТ» ТЕАТРИ ДИРЕКТОРИ:

- Ушбу сермаҳсул ижодий йил февраль ойида бўлиб ўтган «Рўёлар шарпаси» премьерасидан бошланди,  шундан кейин ёз кунларида улкан премьера ташкил этилди. Тошкентдаги Алишер Навоий театри саҳнасида буюк хореограф Юрий Григоровичнинг «Муҳаббат афсонаси» полотносини тақдим этдик. Астана Балет Лондондаги «Covent Garden» театри саҳнасида ҳам катта муваффақият билан намойиш этилди. Яқиндагина Американинг 4 шаҳри бўйлаб турне ўтказдик. Калифорния штатида 4 марта саҳнага чиқдик.

Туркия, Малайзия, Греция, Шимолий Македония, Татаристон ва Ўзбекистон. Ушбу мамлакатлар аҳолисига илк марта Қозоғистон Миллий музейининг энг муҳим экспонатларидан бири – Олтин одам тақдим этилди. “Маънавий янгиланиш” дастури доирасида рўёбга чиқарилган лойиҳа доирасида “Олтин одам” жаҳоннинг 12 музейида кўрсатилди.

2019 йил қозоғистонлик таниқли қўшиқчи Димаш Қудайберген учун зафарлар йили бўлди. Жорий йилда машҳур артистнинг яккахон концертлари Нур-Султон шаҳрида, Москванинг Кремль саройида ва Санкт-Петербург Муз саройида, шунингдек, Нью-Йоркнинг Барклайс-марказида аншлаг билан ўтди.

Ўтган йил Ержан Максим учун ҳам муваффақиятларга тўла бўлди. У Junior Eurovision 2019 халқаро қўшиқ танловида иккинчи ўринни эгаллади. 

Ўтаётган йил улкан шеърият челленжи билан ҳам ёдда қолди. Абайнинг 175 йиллигига бағишланган бадиий эстафета ижтимоий тармоқлар туфайли дунё миқёсида оммалашиб кетди. Жаҳоннинг барча мамлакатларидаги фойдаланувчилар буюк қозоқ шоири ва мутафаккирининг ўлмас асарлари туширилган видеосини Интернетга жойлади. Улар орасида Қозоғистон Республикаси Президенти, вазир, дипломатлар, хорижлик адабиётшунослар, журналистлар, жамоат арбоблари, ўқувчи-талабалар бор эди. Таъкидлаш жоизки, челленж 2020 йилда нишонланадиган Абай таваллудининг 175 йиллигига бағишланган. Шунингдек, келаси йили буюк олим ал-Форобийнинг 1150 йиллик юбилейи нишонланади.

Фото: tengrinews.kz


×