Қарағанди вилоятига 53 миллиард тенге инвестиция жалб этилди

Қарағанди вилоятига 53 миллиард тенге инвестиция жалб этилди

Қарағанди вилоятида йил якунлари чиқарилмоқда. Сўнгги 10 ой давомида мутахассислар деярли барча соҳаларда ижобий ўзгаришларни кузатган. Бунда минтақа инвестициявий иқлимидаги вазият пешқадамлик қилмоқда. Йил бошидан буён асосий  капиталга қарағандиликлар 53 миллиард тенге жалб этди. Унинг катта қисмини хусусий инвестициялар, 35 фоизини хорижий компаниялар ташкил этади. Марказий Коммуникациялар хизматида ўтказилган брифингда вилоят ҳокими Женис Қасимбек шундай маълумот берди.

ЖЕНИС ҚАСИМБЕК, ҚАРАҒАНДИ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ:

- Салкам 2 триллион тенге қийматга эга 45 та янги инвестициявий лойиҳани рўёбга чиқаряпмиз. 12 мингта янги, доимий иш ўрни яратилади. 20 та лойиҳа хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Йил охиригача вилоятда 203 миллиард тенге қийматга эга,  2,5 минг иш ўрни берувчи 11 та янги ишлаб чиқариш фаолият бошлайди. Машинасозликда ҳам ўсиш нуқталари кузатилмоқда. Заводлардан бирининг базасида жаҳон саноати пешқадамларидан бўлган Хитой компанияси иштирокида автобуслар ва махсус техника ишлаб чиқариш ниятидамиз.

Шуни ҳам айтиш керакки, ушбу минтақадаги асосий соҳалардан бири – саноат ишлаб чиқаришида ўтган давр мобайнида яхши натижаларга эришилди.  2,4 триллион тенге қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқарилди. Дунё миқёсида бу соҳадаги беқарорликка қарамай, Қарағанди вилоятидаги тизимли корхоналарнинг барчаси одатдаги тартибда ишлашда давом этяпти. Бундан ташқари, ўнлаб янги лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Улардан катта самара кутилмоқда. Минтақа раҳбари фикрича, жорий йилда машинасозлик улуши икки марта ортиши режалаштирилган. Қишлоқ хўжалигида ҳам яхши кўрсаткичлар қайд этилди, вилоятда бир миллион тоннадан зиёд дон олинди. Яна бир ўсиш нуқтаси – кичик ва ўрта бизнес.

ЖЕНИС ҚАСИМБЕК, ҚАРАҒАНДИ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ:

- Давлат қўллаб-қувватлаши туфайли вилоят кичик ва ўрта бизнеси 10 ой ичида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 4 фоизга оширди. 2200 та янги иш ўрни яратилди. Натижада,  ушбу секторда ишлаётганларнинг умумий сонини сақлаб қола олдик. Бу жуда муҳим. Чунки кичик ва ўрта бизнес вилоятдаги иқтисодий фаол аҳолининг 30 фоизини иш билан таъминлайди.

 

Фото: total.kz


×