Қозоғистон олий ўқув юртларидан бирида вируссиз уруғ етиштирилмоқда

Қозоғистон шимолидаги биотехнологик лабораторияда вируссиз уруғлар етиштирилади. Ўнта ўсимликнинг элликдан ортиқ нави тадқиқ қилинди. Улар орасидан энг истиқболли ва минтақа шароитига мослари танлаб олинди. Вируссиз уруғ бу ерда микроклонал кўпайтириш воситасида олинади. У, аслини олганда, ўсимликларни вегетатив кўпайтириш билан айни бир хил. Фақат сунъий шароитларда иш олиб борилади. Бу усул анъанавийсига нисбатан қатор устунликларга эга.

АЙНУРА БАЛАХМЕТОВА, АГРОТЕХНИКА ФАКУЛЬТЕТИ ДЕКАНИ ЎРИНБОСАРИ:

- Бунда, албатта, биринчидан генетик бир хил материал олинади, иккинчидан ушбу усулдан фойдаланиб, кўпайишнинг юқори коэффициентига эга бўламиз. Учинчидан, бу вирус ва бактериялардан холи,  соғломлаштирилган материал.

Янги имкониятларга Хитойнинг Шимоли-Ғарбий Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети билан ўзаро фойдали ҳамкорлик натижасида эришилди. Лабораторияда янги навлар олиш устида Қўзибаев номли университетнинг агротехнология факультети талаба, магистрант ва ёш олимлари иш олиб бормоқда. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган.

ФАРИЗА МУҚАНОВА, АГРОНОМИЯ ВА ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ КАФЕДРАСИ МУДИРАСИ:

- Бу ерда талабалар озиқлантирувчи муҳит яратишдан қишлоқ хўжалиги экинларининг вируссиз уруғларини олишгача бўлган жараён билан танишиш имкониятига эга.

Ёш тадқиқотчилар ўзлари ишлаб чиққан тавсиялар катта ютуқ бўлиши ва республика агросаноатига фойда келтиришига ишонади.

 

Фото: supersadovnik.ru


×