Экспортнинг янги имкониятлари: Qaztrade accelerator дастурининг биринчи босқичи якунланди

Экспортнинг янги имкониятлари: Qaztrade accelerator  дастурининг биринчи босқичи якунланди

Тез орада «Made in Kazakhstan» маҳсулотлари дунё савдо марказлари пештахталарида пайдо бўлади. Маҳаллий корхоналар бу йўлда ишончли қадам қўймоқда. Бундан ташқари, улар давлат томонидан қўллаб-қувватланяпти. Шундай қилиб, 97 та маҳаллий компаниядан 35 таси QAZTRADE ACCELERATOR – Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлигининг экспортни жадаллаштириш дастурининг навбатдаги босқичига ўтди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар бермоқда. Айтганча, ҳозирги экспортчилар ва соҳа дебютантлари Қозоғистондаги озиқ-овқат компанияларига хорижий бизнес-шериклар топиш ва Хитой бозорига киришда ёрдам бериш учун ишлаб чиқилган дастурда иштирок этди.

«Ушбу компаниялар орасида экспорт соҳасига янги келганлар ҳам бор (2 та компания ўз маҳсулотларини аввал чет элга сотмаган) ва илгари бир марталик етказиб беришни амалга оширган компаниялар. Барчанинг мақсади - бугунги кунда хорижий давлатлар бозорида узоқ муддатга қолиш». Экспортни жадаллаштириш дастури бўйича биринчи веб-семинар очилишида Савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов шундай фикр билдирди.  

Вазирнинг сўзларига кўра, Хитой бозори кенг миқёсли эканлигига қарамай, унга кириш чекланган ва экспорт ўтказиш тартибининг давомийлиги 90 кунгача давом этиши мумкин. Бундан ташқари, ишлаб чиқарилган маҳсулот Осмоности мамлакатининг техник регламант ва маркетинг хусусиятларининг барча талабларига жавоб бериши керак. Акселератор вазифаси эса корхоналарни ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга йўналтиришга ўргатишдир.   

«Маҳсулотларимиз юқори сифатли бўлгани учун у ерда муносиб талабга эга, аммо бир қатор сабабларга кўра биз ҳали ҳам Хитой дўконларида уларни етарлича намойиш эта олмаяпмиз.  Акселераторнинг вазифаси маҳсулотларимизнинг Хитой бозоридан узоқроқ вақтга жой олишини таъминлашдир», дейди  «QazTrade» савдо сиёсатини ривожлантириш маркази бош директори Арман Абенов.

Жорий йил кузида бўлиб ўтадиган навбатдаги иккинчи босқичда ҳар бир иштирокчи учун саҳифа яратилади. Унда экспорт қилувчи компаниянинг кучли ва заиф томонлари таҳлили акс этади, унинг потенциал даражаси аниқланади ва Қозоғистон маҳсулотларига мўлжалланган мамлакатнинг техник регламентлари талаблари каби маълумотларни ўз ичига олади. Иштирок этаётган компанияларга бозорга чиқиш йўлидаги кейинги қадамлар тўғрисида маслаҳатлар ҳам берилади.  

Кейинги йилларда корхоналар ўртасида шартномалар тузиш учун асосий жаҳон майдонига айланган CIIE-2020 Шанхайдаги учинчи Жаҳон импорт   кўргазмасида 35 та компания иштирок этиши дастурнинг сўнгги босқичларидан бири бўлади.

Бироқ дастурда қатнашиш учун мурожаат қилган ва танловдан ўта олмаган компаниялар маҳсулотларини дунё бўйлаб сотиш орзусидан воз кечишига асло ҳожат йўқ. Уларга яна бир марта имкон берилади. Бундай компаниялар келаси йили дастур иштирокчилари захирасини тўлдиради, дейди ташкилотчилар.

 

Фото: astanatimes.com


×