Қозоғистон ва Беларусь ташқи савдо айланмасини оширишни мўлжаллаяпти

Қозоғистон ва Беларусь ташқи савдо айланмасини оширишни мўлжаллаяпти

Қозоғистон ва Беларусь ташқи савдо айланмасини оширишни мўлжаллаяпти. Келгуси йилнинг ўзида икки давлат унинг ҳажмини бир миллиард долларга етказиш ниятида. Қозоғистоннинг Беларусдаги элчиси Ермухамет Ертисбаевнинг айтишича, томонлар машинасозлик, металлургия, фармацевтика, кимё ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда жадал ҳамкорлик қиляпти. Фақат ўтган йилнинг ўзида давлатлар орасида ташқи савдо айланмаси деярли 65 фоизга ортган.

ЕРМУХАМЕТ ЕРТИСБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОННИНГ БЕЛАРУСДАГИ ЭЛЧИСИ:

Ҳукуматларо комиссияда жуда муҳим қарор қабул қилинди. Белоруслар импорт ўрнини эгаллаш асосида қозоғистонликлар учун 60 турдаги маҳсулотга бозорини очиб берадиган бўлди. Президент топшириғига кўра, Белорус пойтахти - Минскда қозоқ маданияти кунлари ўтказилди. Қозоғистон Республикаси Давлат симфоник, Тлендиев номли фольлор-этнографик оркестрлари чиқишлари муваффақиятли ўтди. Белоруслар нафақат қозоқ санъати, маданияти, балки умуман Қозоғистонга ҳам зўр қизиқиш билан қарашяпти.

Қозоғистон ва Беларусь саноат кооперацияси, транспорт-логистика сектори, агросаноат мажмуаси ва бошқа кўплаб соҳаларда қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун катта имкониятларга эга.

АНДРЕЙ ЕВДОЧЕНКО, БЕЛАРУСЬ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ:

 – Яқинда қозоғистонлик ҳамкорларимиз билан иқтисодий фаолиятимизда устувор аҳамиятга эга бўлган жиддий лойиҳаларни белгилаб чиқдик. Биз саноат, қишлоқ хўжалиги кооперациясига, Ай-Ти саноатини ривожлантиришга ўтамиз.

Бугунги кунда Қозоғистонда 260 та Беларусь компанияси ишлаяпти. Шуниси диққатга сазоворки, Қозоғистон ва Беларусь орқали Хитойдан Европага ўтказилаётган транзит юклар сўнгги олти йил ичида деярли юз марта ошди. Ҳар икки давлат келажакда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.


×